СЕНАТ: қандай масалалар эътибор марказида бўлди? (+видео)
Бугун Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, давлат бошқарувини такомиллаштириш, қурилиш, ижтимоий ҳимоя, рақамли технологиялар, техник жиҳатдан тартибга солиш ҳамда халқаро ҳамкорликка оид қатор қонунлар кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисни очган Сенат Раиси Танзила Норбоева кейинги даврда мамлакат ҳаётида халқаро, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий-маърифий аҳамиятга эга муҳим воқеалар юз берганини таъкидлади.
– Бу воқеаларни бирлаштириб турган асосий ғоя – Янги Ўзбекистонда очиқлик, прагматизм, халқ манфаати, инсон қадри ва ҳудудлар тараққиётига асосланган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани ҳамда унинг амалий самаралари ҳаётимизнинг барча соҳаларида намоён бўлаётганидир, - деди Сенат Раиси. – Президентнинг Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, кейинги йиғилишларда илгари сурилган ташаббуслар ва ҳудудларга ташрифлар чоғида берилган топшириқлар ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу эса, барча даражада ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ҳар бир қарорнинг амалий натижадорлигини таъминлашни талаб этмоқда.
Ялпи мажлисда сенаторлар «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги конституциявий қонунни маъқуллади. Ҳужжат инвестициявий жозибадорликни ошириш, халқаро капитални жалб этиш ва замонавий молия инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
«Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Унда ижтимоий хизматларнинг ягона ҳуқуқий асослари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни аниқлаш ҳамда уларга манзилли ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди.
Мазкур қонун муҳокамасида Танзила Норбоева ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағлар, имтиёз ва хизматлар ҳақиқий эҳтиёжмандларга етиб бориши шартлигини таъкидлади. Шунингдек, қонун ижроси устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назорати таъминланиши қайд этилди.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қонун билан таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муқобил парвариш қилишнинг ҳуқуқий асослари ҳам такомиллаштирилди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунга мувофиқ, жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш, айрим давлат хизматларидан бепул фойдаланиш ҳамда махсус марказларда бўлиш муддатини олти ойгача узайтириш имконияти яратилди.
Сенаторлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида миллий сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштиришга қаратилган қонунни ҳам маъқуллади.
Қурилиш соҳасига оид қонун билан давлат назорати кучайтирилиб, кўп квартирали уйларни тегишли рухсатномасиз қурганлик учун жавобгарлик оширилди. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рухсатнома бериш тартиби жорий этилиб, сейсмик хавфсизлик соҳасидаги ваколатлар аниқлаштирилди.
Ялпи мажлисда «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини қисқартириш, лицензиялаш ва экспорт тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган қонун ҳам маъқулланди.
Сенаторлар маъқуллаган қонунлар давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ҳамда қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pUnjBatfGDE" title="SENAT: qanday masalalar e’tibor markazida bo`ldi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Салим Обиджонов (монтаж), ЎзА