Сенат: гендер тенгликни таъминлаш масаласида шаклланган турли стереотипларга барҳам бериш зарур
Сенат ялпи мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда Стратегияни 2026 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур масала муҳокамаси жараёнида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган 15 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани қайд этилди.
Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи 27 фоизга етди. Бюджет маблағларини режалаштириш жараёнида гендер ёндашувни жорий этишга қаратилган гендерга доир индикаторлар ишлаб чиқилди. Бу бюджет дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ва шакллантиришда фойдаланиш учун барча вазирлик ва идораларга тақдим этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудитни ўтказиш услубияти янги таҳрирда қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Мазкур услубият асосида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида гендерга оид аудит ўтказилди.
Аграр соҳада 2025-2030 йилларга мўлжалланган Гендер тенглик стратегияси ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди.

“Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурининг тўртта мавсуми якунланиб, 244 нафар хотин-қиз қамраб олинди. Уларнинг 60 нафари юқори лавозимларга тайинланди.
Судьялар олий мактабига 2025/2026 ўқув йили учун хотин-қизларга 12 қўшимча квота ажратилган. 164 нафар тингловчининг 38 нафари ёки 23 фоизини хотин-қизлар ташкил этган.
2025 йилда хотин-қизларнинг 12,4 миллиард сўмлик 21 стартап лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Сиёсий партиялар томонидан жамиятда “аёл сиёсатчи” образи тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришга қаратилган юздан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 27 минг нафардан зиёд фуқаро қамраб олинди.

Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.
Парламентлараро иттифоқнинг Женевада 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтган 151-сессиясида Ўзбекистон парламентларнинг қуйи палаталарида хотин-қизлар фаоллиги бўйича дунёда 15-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Жаҳон банкининг баҳосига кўра, Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини кенгайтиришда энг катта ютуқларга эришган бешта давлат қаторига киритилган.
Очиқ гендер маълумотлари (Open Data) индексида эса Ўзбекистон энг яхши 20 мамлакат рўйхатидан жой олди. Гендер тенглик ва бошқарув индексида мамлакатимиз 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.
Мажлисда айрим мақсадли кўрсаткичларга эришиш кечикаётгани танқидий руҳда муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашда тафовутни камайтириш, хотин-қизларни юқори даромадли молия, IT секторларига кенг жалб қилиш, давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан, директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибида хотин-қизлар улушини ошириш зарурлиги қайд этилди. Гендер тенгликни таъминлаш масаласида шаклланган турли стереотипларнинг олдини олиш ва тегишли меъёрларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш қамровини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга хизмат қилади. Ундаги вазифалар, тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши лозим.
Муҳокама якунида кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА