Сен азиз ва муқаддассан, аёл
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
“Навоийуран” давлат корхонаси “Ёшлик” маданият ва спорт марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Сен азиз ва муқаддассан, аёл” деб номланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда жамоада меҳнат қилаётган 700 нафар хотин-қизнинг касбий салоҳияти ва меҳнати алоҳида эътироф этилди.

Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади, дейишади. Бугун ҳам юртимиз аёллари давлатимиз ва жамиятимиз ардоғида, эътиборида. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизнинг оғирини янада енгиллаштириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда алоҳида қайд этганидек, “...ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади.

Халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.”

Тадбирда корхонанинг ишлаб чиқариш майдонларида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ аёллари рағбатлантирилди.

Байрам тадбирида концерт дастури намойиш этилди.

Абдували Бўриев, ЎзА