Секторлар ташаббуси билан боғ барпо этилмоқда
Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятида фойдаланишдан чиққан ерларда вилоят сектор раҳбарлари бошчилигида вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар ва вилоят давлат солиқ бошқармаларининг мевали боғлари ташкил этилмоқда.
Бугун вилоят ҳокимлиги учун ажратилган Ангор тумани Каттақум маҳалласи ҳудудидаги 4 гектар фойдаланишдан чиққан ер майдонида ўрикзор барпо этишга киришилди.

Янги боғда дастлабки ўрик кўчатини эзгу ниятлар билан вилоят ҳокими Тўра Боболов ўтқазди. Кун давомида ҳокимликнинг аппарат ходимлари икки минг дона ўрик кўчати экиб, фойдаланишдан чиқиб қолган ер майдонини яшил либосга буркади.
- Кўчатлар бир текис ривожланиши учун ҳар бир хандакка арпа уруғи сепиб, маҳаллий ўғитга аралаштирилган тупроқ тўшадик, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов.¬ –Намгарчиликни узоқ сақлаши учун кўчат атрофида чуқурчалар қазиб чиқдик. Бу кўчатларнинг қор ва ёмғир сувидан тўйиниб туришига хизмат қилар экан. Келгуси йил мевали боғимизда тўлиқ топчилатиб суғориш жорий этилади.
Мазкур лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятида 16 миллион тупдан ортиқ мевали¬, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Шундан олти миллион тупи куз фаслида ўтқазилади. Маълумотларга кўра, ҳозиргача 2 миллион 120 мингга яқин кўчат экилган. Бугун воҳада 164 минг 500 дан зиёд дарахт кўчати ўтқазилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА