Сайёр қабул: муаммо, ечим ва самара
Навоий вилояти Кармана тумани “Малик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сайёр қабул ўтказилди.
Навоий вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Сарабеков ва туман ҳокими Фахриддин Самадов иштирок этган тадбирда аҳолининг мурожаатлари тингланди
− Маҳалламизга 2010-2011 йилларда эътибор қаратила бошланди. Авваллари бу ерлар чўл ҳудуди бўлган. Ҳар ер, ҳар ерида уйлар қурилиб, аҳоли ўз ҳолича кун кечирган. Электр энергияси, газ, сув масалаларида муаммолар кўп эди. Йўл ҳам йўқ. Ёғингарчилик мавсумида киши лойга ботиб қоларди. Босқичма-босқич муаммоларни ҳал этдик. Ҳозирда газ, сув, светимиз ҳам бор, − дейди маҳалла раиси Инобат Ҳамроева
Ҳудудда савдо дўкони бўлмагани учун фуқаролар шу кунга қадар озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга қийналишар эди. Кўчма дўконлар фаолияти йўлга қўйилгач, бу муаммо бартараф этилди. Айни пайтда интернет алоқа ва коммунал хизматлар тўлови учун шароит яратиш зарур. “Сайёр қабул” жараёнида мазкур масалага алоҳида тўхталиб, амалга оширилиши режлаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қабул жараёнида фуқароларнинг ишсизлик, ички йўлларни таъмирлаш, болалар боғчаси қуриш, имтиёзли кредит олиш, уй-жой таъминоти масалаларида ҳам мурожаатлари қабул қилинди. Аҳолининг иш стажини тиклаш, ногиронликни белгилаш, таълим кредити олиш билан боғлиқ масалалар ўз жойида мутахассислар томонидан ўрганилди.

Хосият Рафиқова Кармана тумани адлия бўлимидан таниши Д.Умарованинг ногиронлигини белгилатиш ва ўзи учун эшитиш аппарати олишда ёрдам сўраган эди. Фуқаро мурожаати ижобий ечим топди, қабул жараёнида эса унга тиббий жиҳоз тақдим этилди.
“Малик” МФЙнинг “Узумзор” қўрғони Кармана туманидаги халқаро аҳамиятга эга бўлган М-37 йўлининг 186 километри ҳудудида жойлашган. Шу кунга қадар аҳоли катта йўлдан уйига кириб бориши учун 3 километрлик масофани босиб ўтган. Чунки Бухоро-Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари учун ҳудудга қайрилиб олиш жойи маҳаллага бориш йўлидан 3 километр узоқликда эди. Қолаверса, Қизилтепа-Кармана йўналишида келаётган автомашиналарнинг маҳаллага кириш учун бир йўлдан қарама-қарши ҳаракатланишига тўғри келарди. Ана шундай муаммомиз бўлгани учун енгил автомашиналар фуқароларимизни манзилгача олиб келишни исташмасди ёки маҳаллагача кириш учун жуда қиммат нарх айтишарди. Шу сабаб, кўпчилигимиз катта йўлдан тушиб қолиб ичкарига яёв кирардик. Ҳатто, маҳаллага кираётган автомашиналарнинг қарама-қарши ҳаракатланиши натижасида автоҳалокатлар ҳам содир бўлган. Туман адлия бошқармасининг ёрдами билан муаммомиз бартараф этилди, − дейди маҳалла фахрийси Хосият Рафиқова
“Сайёр қабул”да фуқаролар наинки муаммолари балки амалга оширилган хайрли ишларни ҳам тилга олишди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА