Саёҳатга отланинг, тартиб соддалаштирилди
Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари икки давлат Президентларининг Чолпонота учрашувидан сўнг янги даражага кўтарилди. Унда ўндан зиёд ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.
– Бу учрашувнинг тарихий аҳамияти шундаки, унинг натижаларини энг аввало икки мамлакат халқлари ҳис қилади, – дейди Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов. – Унга кўра, энди ўзбек-қирғиз чегара пунктлари сони 30 тага етказилади. Натижада одамлар эркин саёҳат қилиши, бизнес юритиши, ўқиши ва дам олиши мумкин. Ҳа, Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров 30 июль куни бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади.
Унда давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги баённома ҳам бор.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг икки мамлакат ҳудудида бўлиш қоидалари соддалаштирилди. 30 июль куни имзоланган протоколга мувофиқ, икки давлат фуқаролари қўшни мамлакат ҳудудида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати аввалги 5 кундан 15 кунгача узайтирилди.
– Бу каби қулайликлар аввало Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги туризм йўналишининг кескин ривожланишига имкон яратади, – дейди Хуршид Аҳмедов.
Муҳаммаджон Обидов ЎзА