Саёҳат кўнгилларга завқ бағишлайди
Андижон давлат техника институтининг бир гуруҳ фаол ва иқтидорли талабалари “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг қатор тарихий шаҳарлари бўйлаб саёҳатда бўлди.

Талабалар ўртасида ўтказилган “Маърифат майдони”, “Юртим қадриятлари” танловлари вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари, “Мушоира” клуби аъзолари, институтнинг фаол ва ташаббускор талабалари Шаҳрисабз, Самарқанд, Тошкент шаҳарларидаги бой ва қадимий тарихни ўзида мужассам этган муқаддас масканлар, улуғ аждодларимиз барпо этган меъморий обидалар, шунингдек, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

Саёҳатнинг мазмунли ва қизиқарли ўтиши учун “Мушоира” клуби аъзолари томонидан адабий, маънавий-маърифий кечалар, суҳбатлар ташкил этилди. Ана шу тадбирлар саёҳатга ижодий муҳит бағишлади, талабалар ўртасида дўстона мулоқот ва фикр алмашиш имкониятини янада кенгайтирди.

Бу каби саёҳатлар ва маънавий-маърифий тадбирлар ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишида муҳим аҳамият касб этади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА