Сайловлар юксак савияда ўтади
Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.
Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, Олий Мажлис Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, алоқадор ташкилот корхона ва муассасалар раҳбарлари, журналистлар иштирок этган сессияда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайлови кампанияси бошланганини эълон қилгани ва мазкур сиёсий тадбирни ўтказиш жорий йил 22 декабрь кунига белгилангани алоҳида таъкидланди.
“Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар“ шиор асосида ўтадиган бу йилги сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилмоқда. Мазкур ҳужжатда сайловларни умумэътироф этилган халқаро мезонларга мувофиқ демократик, очиқ-ошкора ўтказиш учун ўттиздан ортиқ янги норма ва қоида киритилган. Шу пайтгача амалда бўлган айрим чекловлар чиқариб ташланган.
Вилоятда сиёсий бу жараённи юқори савияда ташкил этиш ва фуқароларнинг ўз ҳохиш-иродасини эркин ифода этишини таъминлаш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 409 та сайлов округи ҳамда 785 та участка сайлов комиссияси тузилади.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар тавсия этилди. Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округлари сони ҳамда халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясини тузиш ва унинг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, вилоят ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.