Сайлов ҳуқуқи ҳамма учун бир хил
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловни кузатиш миссияси оралиқ маърузасида қайд этилганидек, Ўзбекистон сайловни демократик тамойиллар асосида ўтказишга оид асосий халқаро битимлар иштирокчиси ҳисобланади. Президент сайлови, асосан, 2023 йилги Конституция ва 2019 йилда қабул қилинган Сайлов Кодекси билан тартибга солинади.
Бош Қомусимизни бугунги кун талабига мос такомиллаштиришга қаратилган янгиланган Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган жараёнда аҳолининг таклиф ва фикрлари ҳисобга олинди. Шу асосда амалдаги Конституцияга тузатишлар киритилди. Бош Қомусимизга тузатиш, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан Конституция қарийб 60 фоиз янгиланди, моддалар сони 128 тадан 155 тага етди. Ҳуқуқий тизимда Конституция ва Сайлов Кодексини қайта кўриб чиқишни ўз ичига олган ислоҳотлар жараёни олиб борилди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловни кузатиш миссияси қайд этишича, янгиланган Конституция ва Сайлов Кодексида алоҳида тоифадаги шахсларга сайлов ҳуқуқини беришга оид олдинги тавсиялар инобатга олинган.
Хусусан, яқин вақтгача оғир жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган ва муомалага лаёқатсиз, деб топилган шахслар сайловда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум эди. Янгиланган Конституция қабул қилиниши билан бундай тоифадаги шахсларга нисбатан овоз бериш бўйича умумий чеклов бекор қилиниб, бошқа фуқаролар билан тенг равишда бир хил сайлов ҳуқуқи таъминланди. Уларнинг сайлов ҳуқуқи фақат суд органлари қарорига кўра чекланиши мумкин.
ЎзА