Саховатпеша инсонлар талабаларга кўмак бермоқда
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида талабаларнинг бугунги кундаги ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ва жамоатчилик томонидан хайрия ишлари борасида амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Меҳрли қўллар” хайрия фонди ҳамкорликда жамиятда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш, иқтидори ва фаоллигини рағбатлантириш мақсадида республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган чин етим, ногиронлиги бўлган, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва Меҳрибонлик уйида тарбияланган талабалар учун “Ёшлар таълим гранти” лойиҳасини эълон қилган эди.
Мазкур грантнинг мақсади – олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабаларнинг 2020/2021 ўқув йили учун стипендиясиз ҳисобланган тўлов-шартнома маблағининг 50 фоизигача бўлган қисмини тўлаб беришдир.
Ушбу грант ёшлар ўртасида шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш, ҳақиқий ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифа вакилларини излаб топиш, энг муҳими, хайрия маблағлари ўзининг ҳақиқий муносиб эгасини топиши учун биринчи маротаба алоҳида “Ёшлар таълим гранти” иштирокчилари учун metsenat.uz платформаси ишга туширилди ва мазкур платформа орқали бугунги кунгача 1570 нафар талабанинг аризаси келиб тушган.
– Илмга сарфланадиган инвестиция энг муваффақиятли ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори ўринбосари Хушнуд Худойбердиев. – Ҳар бир инсон ўзидан хулоса қилиб, илмга пул тикишни ўрганиши керак. Буни кундалик одат даражасига олиб чиқиши лозим. metsenat.uz лойиҳаси ҳеч қандай тижорий фойдани кўзламайди. Бу лойиҳа устида 6-7 киши ишлаяпмиз. Бу платформани ўзимизнинг ҳисобимиздан яратганмиз. Мақсад пулни тўғри йўналтиришга ёрдам бериш. metsenat.uz платформаси орқали саховатпеша инсонлар ёрдами билан ОТМда шартнома асосида ўқиётган чин етим, ногирон, қийналган оила фарзандларининг шартнома пулини тўлашга кўмаклашишдир. metsenat.uz платформасини эълон қилганимизга икки ойдан ошган бўлса, 1 минг 677 нафар ғолибга 4 миллиард 990 миллион сўм йўналтирилган. Жами 10 лойиҳа эълон қилинди. “Ёшлар таълим гранти” лойиҳаси шулардан биттаси.
– Келиб тушган ҳар бир ариза экспертлар кенгаши томонидан икки босқичда атрофлича ўрганиб чиқилди, – дейди “Меҳрли қўллар” хайрия жамоат фонди директори Б.Алимов. – Унга кўра, ҳужжатлари низом қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган 203 нафар талабага (36 нафари чин етим, 3 нафари ногирон, 11 нафари Меҳрибонлик уйида тарбияланган ҳамда 153 нафар боқувчисини йўқотган талабага – 475.834.291 сўм миқдорда 2020/2021 ўқув йили учун стипендиясиз ҳисобланган тўлов-шартнома маблағининг 50 фоизигача бўлган қисми Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамда “Меҳрли қўллар” хайрия жамоат фонди томонидан беғараз тўлаб берилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ташкилот томонидан ўтган 2020 йилнинг бошида 2019/2020 ўқув йилининг 2-ярим йили учун таълим гранти лойиҳаси доирасида олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган чин етим, ногирон, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва Меҳрибонлик уйида тарбияланган, боқувчисини йўқотган, умуман олганда, ижтимоий ҳимояга муҳтож 120 нафар талабанинг 300 млн сўмлик тўлов шартнома маблағлари беғараз тартибда тўлаб берилган эди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА