Саудия нефть қувури ёпилиши дунё таъминотини 4 фоиз қисқартиради
Агар Қизил денгизга олиб борадиган стратегик Шарқ – Ғарб нефть қувури яқин кунларда қайта ишга тушмаса, жаҳон нефть таъминоти 4 фоизгача камайиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” ёзган.
Дрон ҳужуми туфайли Ар-Риёд қувурни ёпишга мажбур бўлди. Шу тариқа Янбу портига кунига тахминан 4 миллион баррель нефть етказиб бериладиган ёпиқ Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтувчи асосий экспорт йўлида ҳам ҳаракат тўхтади.
Саноат манбалари тахминига кўра, Янбудаги тижорий нефть захираси экспортни атиги 5-7 кун давомида қўллаб-қувватлаш учун етарли. Миср терминалида ҳам оз миқдорда хом нефть сақланади. Демак узоқроқ танаффус вазиятни кескинлаштиради.

Нефть таъминоти билан боғлиқ аҳвол Боб Ал-Мандиб бўғозидаги вазиятни янада мураккаблаштирди. Ироқдан дрон учирилиши эса ҳолат бутунлай издан чиқиши хавфини юзага келтирмоқда. Таҳлилчилар хом ашё танқислиги давом этса, “Brent” навли “қора олтин” нархи баррели учун 120 доллардан ошишини тахмин қилган.
С.Раҳимов, ЎзА