Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири «BioPharma City» фармацевтика кластери фаолияти билан танишди
Саудия Арабистони Қироллиги Cоғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жалажел бошчилигидаги расмий делегациянинг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агентлик директори Абдулла Азизов мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш ҳамда «BioPharma City» инновацион фармацевтика кластери салоҳияти ҳақида тақдимот қилди.
Шундан сўнг делегация «BioPharma City» кластери фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга кластернинг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илмий-тадқиқот инфратузилмаси, таълим ва инновациялар экотизими, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар фармацевтика соҳасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги амалий шерикликни янада мустаҳкамлаш юзасидан мулоқотларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Саудия Арабистони Қироллиги делегацияси таркибида мамлакатнинг етакчи соғлиқни сақлаш ташкилотлари – "The Health Holding Company" (HHC) ҳамда "The National Unified Procurement Company" (NUPCO) вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика тармоқларини модернизация қилиш, «BioPharma City» фармацевтика кластери доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда хорижий компаниялар иштирокида юқори технологияли ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирини такомиллаштириш, давлат харидлари тизимида илғор ёндашувларни жорий этиш, технологиялар трансфери, логистика, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Маълумот учун, "The Health Holding Company" (HHC) Саудия Арабистонининг Vision 2030 стратегияси доирасида соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилишда муҳим ўрин тутувчи давлат компанияси ҳисобланади. "The National Unified Procurement Company" (NUPCO) эса дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий технологияларни марказлашган тарзда харид қилиш ҳамда уларнинг узлуксиз таъминотини таъминлашга ихтисослашган етакчи давлат операторидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА