Сатрлардан қалқиб чиққан ҳикматлар
Устоз Абдулла Орипов шеърларини ҳар гал ўқиганда сатрлар қатидан янги-янги ҳикматлар қалқиб чиқаётганига гувоҳ бўламиз.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз борди.
Абдулла Орипов ижодининг маънавий-маърифий аҳамиятига бағишланган мазкур анжуманда олимлар, тилшунослар, ёзувчи ва шоирлар, ёш тадқиқотчилар билан бирга Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг зиёлилари ҳам иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳакимов, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов, академик, адабиётшунос олим Наим Каримов, академик Қаландар Абдураҳмонов ва бошқалар таъкидланганидек, атоқли шоир ва жамоат арбоби Абдулла Орипов замонавий ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни теран, ҳаққоний очиб берган ижодкор бўлганини таъкидлади. Унинг шеъриятида ватанпарварлик, меҳр, вафо, садоқат, одамийлик, ҳақиқат ва ростгўйлик устувор ўрин эгаллайди.
Абдулла Орипов наинки шоир, балки таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. Шоир Данте Алигьерининг “Илоҳий комедиясини”ни, Николай Некрасов, Леся Украинка, Тарас Шевченко, Қайсин Қулиев ва бошқа ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилган.
Анжуманда устоз ижодкорнинг самарали фаолияти, у билан боғлиқ ёрқин хотиралар, шеъриятининг тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА