SAT сертификати эгалари учун давлат гранти бўйича янги имкониятлар жорий этилмоқда
Ҳозирги глобал таълим тизимида халқаро сертификатлар абитуриентларнинг билим ва салоҳиятини баҳолашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан таълимда шаффофлик ва имкониятларни кенгайтириш мақсадида SAT сертификатига эга номзодлар учун қўшимча имтиёзлар жорий этилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, янги ўқув йилидан бошлаб SAT сертификатига эга абитуриентлар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Янги тартибга асосан, абитуриент “College Board” ташкилоти томонидан ўтказиладиган SAT имтиҳонида максимал баллнинг камида 75 фоизини, яъни 1200 балл ва ундан юқори натижани қайд этган бўлиши лозим.
Мазкур сертификатга эга абитуриентлар, агар сертификат фанлари (математика ва чет тили) танланган бакалавриат йўналишларининг имтиҳонлар мажмуасида мавжуд бўлса, олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
2026/2027 ўқув йили қабул жараёнида имтиёздан фойдаланиш учун SAT сертификатлари расмий платформа орқали 35787 DI коди билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига юборилиши лозим.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, фақат DI код орқали юборилган сертификатлар қабул жараёнида ҳақиқий ҳисобланади. Қўлда юклаш ёки скриншотлар қабул қилинмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА