Саросимага, ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ
Ортиқча ваҳимага берилмаслик, нарх-навони асоссиз оширмаслик хусусида атрофлича фикр алмашди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳри ва туманлардаги марказий деҳқон бозорларида бўлиб, нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишди.
Мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мавжуд бозорлардаги вазиятни жиддий назоратга олиш, нарх-навони асоссиз оширишга қарши кескин чоралар кўриш, айрим тадбиркорларнинг вазиятдан фойдаланиб, “бойиб” қолишига йўл қўймаслик тўғрисида тегишли топшириқлар берилди.
Термиз шаҳридаги “Яшил дунё” марказий деҳқон бозорида вилоят ҳокими харидорлар ва сотувчилар билан суҳбатлашди. Ортиқча ваҳимага берилмаслик, нарх-навони асоссиз оширмаслик хусусида атрофлича фикр алмашди.
– Коронавирус пандемиясини ортиқча талафотларсиз ўтказиш учун мамлакатимизда барча чоралар кўрилган, – деди Тўра Боболов. – Бу гапларни сизларни шунчаки хотиржам қилиш учун эмас, бор вазиятни яхши билганим учун айтаяпман. Зарур миқдордаги озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа захиралар ғамланган. Вилоятимизда тинч, осуда ҳаёт давом этмоқда. Саросимага тушишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Деҳқон бозорлари ва дўконлар пештахталаридан маҳсулотлар истеъмол меъёридан кўп ҳажмда харид қилинса, нархларнинг ошиб кетишига олиб келади, деган ўй-хаёллар мутлақо ўринсиз. Вилоятдаги бирорта бозор, савдо дўкони, овқатланиш шохобчаси ёпилмайди. Шунингдек, нарх-навони асоссиз оширишга ҳам йўл қўйилмайди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан бозорлар ва савдо дўконларидаги вазият доимий назоратга олинди. Жойларда солиқ органлари ва прокуратура ҳузуридаги департамент ходимларининг махсус штаби ташкил этилди. Термиз шаҳри ва туманлар марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари йўлга қўйилмоқда. Бунинг учун воҳада етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари ғамланган.