Сариосиёда 660 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Себзор маҳалласида жойлашган 38-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида 660 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси барпо этилди.
Мазкур бунёдкорлик ишлари ўқувчилар учун қулай ва замонавий таълим шароитларини яратиш, мактабдаги мавжуд ўқув ўринлари сонини ошириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш мақсадида амалга оширилди.
Янги ўқув биносининг очилиш маросимида Сариосиё тумани ҳокими О. Ёқубов, таълим соҳаси мутасаддилари, нуронийлар, мактаб жамоаси, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг пухта билим олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Таъкидланганидек, янги ўқув биносининг барпо этилиши ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, дарс машғулотларини замонавий шароитларда ташкил этиш ва педагоглар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Маросим иштирокчилари янги ўқув биносида яратилган шароитлар билан танишди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган мазкур иншоот мактабнинг таълим имкониятларини кенгайтириш, ўқувчилар учун янада қулай муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-31937]
Маълумот учун, Себзор маҳалласидаги 38-сонли умумтаълим мактаби учун қўшимча ўқув биноси «Бинокор Фозилжон Барака» хусусий корхонаси томонидан 8 миллиард 49 миллион сўм маблағ эвазига қуриб битказилди. Натижада мактабнинг ўқув сиғими 660 ўринга ошди.
Бундай бунёдкорлик ишлари таълим инфратузилмасини ривожлантириш, ўқувчиларнинг билим олиши учун муносиб шароитлар яратиш ҳамда ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА