"Сардорлар" махсус мобил иловаси ишга туширилади
Пойтахтимизда Ўзбекистон болалар ташкилоти ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан "Болалар ҳаракати" Республика сардорлари томонидан ишлаб чиқилган, болаларнинг етакчилик салоҳиятини ошириш ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларни кенг жамоатчиликка тақдим этишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумки, бугунги кунда юртимизда жами 80 минг нафардан ортиқ маҳалла сардорлари, 1 минг 872 нафар туман-шаҳар, 126 нафар ҳудудий ҳамда 9 нафар республика сардорлари саралаб олинган бўлиб, улар ягона жамоа бўлиб фаолият юритмоқда.

Матбуот анжуманида тақдим этилган асосий лойиҳалар ва ташаббусларга кўра, эндиликда мамлакатимиздаги барча болалар ва ўсмирларни ягона рақамли экотизимга бирлаштириш ҳамда ҳар бир бола учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида "Сардорлар" махсус мобил иловаси ишга туширилади.
Илова болаларнинг медиа соҳасидаги қобилиятларини ривожлантириш, креатив ёндашув ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга мўлжалланган.

Ёш муаллифларнинг ижодий намуналарини (шеър, ҳикоя, тасвирий санъат) кенг жамоатчиликка намойиш этиш ва болаларда мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида янги - "Куртак" болалар журнали таъсис этилади.

Сардорларнинг ташкилий салоҳиятини мунтазам ривожлантириш ва уларда масъулият кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган "Энг намунали сардорлар" кенгаши танлов йўлга қўйилади.
Шунингдек, маҳалла сардорлари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг ижтимоий нуфузини ошириш мақсадида йилига бир марта “Йил сардори” кўрик-танлови ташкил этилади.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ушбу барча ташаббуслар болаларнинг яширин истеъдодларини кашф қилиш ҳамда уларни жамиятнинг фаол аъзоси сифатида тарбиялашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА