Сардобада саноат салоҳияти ва ишлаб чиқариш имкониятлари таҳлил қилинди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова Сардоба туманида жойлашган “Сардоба универсал кластер” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида корхонада йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд қувватлар ҳамда саноат салоҳияти атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида ип-калава, газлама ва тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тизими самарали йўлга қўйилгани қайд этилди.

Бугунги кунда кластерда 600 га яқин иш ўрни яратилган бўлиб, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, корхонада қўшимча қиймат занжирини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.

Жумладан, чорва учун озуқа тайёрлаш, пахта ёғи ва маиший совун ишлаб чиқариш ҳамда уларни экспорт қилиш йўлга қўйилгани ҳудуд иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ташриф чоғида янги ташкил этилаётган йўналишлар — ичимлик сувини фильтрлаш ва қадоқлаш цехи, шунингдек, иссиқ нон ишлаб чиқариш ва етказиб бериш тизими ҳам кўздан кечирилди. Ушбу лойиҳалар аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш имкониятларини ҳам кенгайтириши қайд этилди.

Депутат ишлаб чиқаришни янада диверсификация қилиш, технологик модернизацияни кучайтириш ҳамда маҳаллий бозор ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири