Сардобада биринчи “Ҳосил карвони” хирмонга келди
Пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш, йиғим-терим мавсумининг рамзий бошланиши ҳисобланган “Ҳосил карвони” тадбири бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Сардоба туманида жорий йил ҳосили учун етиштирилган пахта хом-ашёсини йиғиб-териб олиш, йиғим-терим мавсумининг рамзий бошланиши ҳисобланган “Ҳосил карвони” тадбири бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан “Пахтаобод” акциядорлик жамияти пахта тозалаш корхонасида ўтган тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, тумандаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, туман секторлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этди.

Эрта баҳорда 10 минг гектар ерга чигит экилиб, жами 25 минг тонналик “оқ олтин” хирмони чошлаш йўлида туман пахтакорлари қилинган машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилган пахта ҳосили пишиб етилди. Туманда пахта йиғим-теримни уюшқоқлик ва сифатли ташкил этиш мақсадида 144 та отряд шакллантирилди.
– Олдимизда ушбу етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олиш вазифаси турибди, – дейди туман ҳокими А.Хидиров – Қишлоқ хўжалигида ҳам меҳнат унумдорлиги ва сифатида ишчилар учун яратилган қулай иш шароити ва меҳнаткашларнинг саломатлиги, моддий ва маънавий манфаатдорлиги билан боғлиқ бошқа ижтимоий муҳофаза тадбирлари муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан жорий йилги терим мавсумида ҳам теримчиларнинг ижтимоий муҳофазаси уларга муносиб меҳнат шароити яратиш масалалари асосий диққат-эътиборимизда бўлади.
Йиғим-терим олдидан, азалий урф-одатларимизга кўра жонлиқ сўйилиб, қурбонлик қилинди ҳамда Қуръон тиловат туширилди ва туманда йиғим-теримга киришилди.