Сара уруғ мўл ҳосил гарови
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори уруғлик пахта хомашёси етиштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида бу йилги ҳосилдан уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш мақсадида ўтказилган танлов натижаларига асосан 119 та хўжалик субъектларидан аризалар қабул қилиниб, шундан 96 та субъектлар танлов ғолиби деб топилди.

Вилоятда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда сифатли уруғлик чигити билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида ҳар йили далаларда (апробация) танлов ўтказилади. Бу гал ҳам нав тозалиги, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ўрганилади. Жумладан, Чиноз ҳудудида жойлашган “Ўринбой ҳожи” уруғчилик фермер хўжалиги дала шийпонида ташкил этилган амалий ўқув-семинарда ҳам уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини қандай ўтказиш кераклиги борасида тушунчалар берилди.
Тадбирда соҳага алоқадор барча ташкилотлар ва кластер корхона раҳбарлари ҳамда уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. Йиғилганлар уруғлик пахта майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш бўйича тегишли билим ва кўникмага эга бўлди.
А.Мусаев, ЎзА.