Сара уруғ мўл ҳосил гарови
Халқимиз, айниқса бободеҳқонларимиз картошкани “иккинчи нон” сифатида эъзозлаб, уни уруғчиликни етиштиришдан ториб, экиш ва мўл ҳосилдорлигини олишга бўлган жараёнларга алоҳида аҳамият қаратади.
Мамлакатимиз аҳолисини картошка ва картошка маҳсулотларига бўлган талаби ўртача бир йилда 2 миллион 485 минг тонна, ёки ўртача бир кишига, истеъмол меъёри бир йилда 71 килони ташкил қилади. Одамларни картошка ва картошка маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида ҳар йили агрокластерлар, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа хўжаликларида ўртача 200 минг гектар майдонларда картошка етиштирилади. Картошка экиш учун ўртача 3 тоннадан уруғ сарфланганда, жами 600 минг тонна уруғлик талаб этилади.

Наманганда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан 2023 йил ҳосили учун жамғарилган уруғлик картошкаларнинг саралаш, сақлаш, сертификатлаш ва реализация қилишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг илмий асосланган ечимлари” мавзусида семинар ва пресс-тур ўтказилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Президентимизнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондиришга хизмат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида ушбу қарор ижроси доирасида Наманган вилоятида ҳам бир қатор амалий ишлар қилинди. Шунинг баробарида соҳада ҳал этилиши зарур бўлган, ўз ечимини кутаётган муҳим масалалар ҳам бор.

2022 йилда вилоят бўйича жами 21 минг 626 гектар майдонга картошка экилган. Шундан 15 минг 50 гектари фермер хўжаликлари, 2 минг 561 гектар боғ-қатор ораси, 4 минг гектардан зиёдроғи аҳоли томорқаси ҳиссасига тўғри келади. Бунинг учун жами 47 минг 662 тонна уруғлик сарфланди. Эътиборлиси, уруғликнинг асосий қисми вилоятнинг ўзида, аксарияти Янгиқўрғон туманида етиштирилди.
– Картошкачилик соҳасида фаолият олиб бораётган агрокластерлар, фермерлар ёки томорқа деҳқон хўжаликларининг асосий мақсади юқори ҳосилдорлик ва сифатли маҳсулот етиштириб, ўз меҳнатининг иқсодий самарасини кўриш, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими бошлиғи Ҳайдар Маҳмудов. – Картошка етиштиришда авлоди эскирган навларни экиб, кутилганидек натижага эришиб бўлмаслигини тажрибали ва масалага илмий ёндашадиган деҳқонлар жуда яхши англайди. Лекин авлоди эскирган навларни экиб, мақсадига эришмаган ва ҳатто, экинни касаллик ҳамда зараркунанда ҳашоратларга қарши кураш ишларини ўз вақтида ташкилланмагани сабабли пешона тери зое бўлган, алалоқибат эса ҳосил ололмай картошкачиликдан воз кечаётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай ачинарли ҳолатни бартараф этишда илмий асосланган агротехнология чора-тадбирларини кўриш зарур. Картошка авлодини аниқлаш учун апробация қилиниши ўта аниқликни талаб қиладиган масала бўлиб, тадбирга илмий ёндашиш керак. Афсуски, аксарият ҳолларда кластерлар ва фермерлар томонидан бундай талабларга риоя қилмаслик ҳолати учрамоқда. Боз устига, томорқачи деҳқонлар илмий асосланган агротехнология талабларига риоя қилинишида етарли билимга эга эмаслигидан уруғлик картошкани танлашда хатоликларга йўл қуймоқда. Махсус лабороторияларда сертификатланган ва сифати кафолатланган уруғларни эккан деҳқонлар айтиш мумкинки, хавотирланмай, кафолатланган юқори ҳосил етиштиришлари мумкин.

– Янгиқўрғондаги “Тошнамагрологистика” масъулияти чекланган жамиятида Нидерландиянинг “Агрико” компанияси билан имзоланган шартномага кўра “Констанца”, “Арнова” ва “Аризона” навли элита уруғдан 900 тонна олиб келиб, омборда сақланмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” туман бўлими етакчи мутахассиси Бекзод Йўлдошев. – Ушбу навларнинг ҳосилдорлиги гектаридан 42 тоннани ташкил қилади ва тумандаги деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларига етказиб бериш мақсад қилинган.
Исломиддин Мирзаев тоғолди туманнинг омилкор ва тажрибали деҳқонларидан. У раҳбарлик қилиб келаётган “Мусаффо мега савдо” томорқа хизмати кластери омборлари ихтиёрида бугунги кунда жами 20 минг тонна картошка уруғи захираси мавжуд. 20 йилдан буён экин экиб, ер билан тиллашаётган тадбиркор Европадан келтирилган уруғларнинг юқори ҳосилдорлиги ва бошқа афзалликларини ўз тажрибасида муваффақиятли татбиқ этган. 2021 йилда Нидерландияга бориб, тажриба алмашиб келди. Махсус транспорт воситаларида 12 кунда уруғлик картошка Наманганга етказиб келинмоқда. Бу борада Президентимизнинг соҳага доир қарорлари ижросини таъминланаётгани баробарида логистика билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилди.

– Авваллари бундай имкониятлар бўлмаган. Темирйўл воситасида келтириладиган маҳсулот ўз муддатида етиб келмасди. Хуллас, берилаётган имтиёзу имкониятлардан оқилона фойдаланяпмиз. Биргина, “Констанца” нави гектаридан 40-45 тоннагача ҳосил беряпти. Бу жуда катта натижа,– дейди тадбиркор Исломиддин Мирзаев биз билан суҳбатда.
Дарвоқе, картошка етиштирувчи хўжаликларнинг уруғлик картошкага бўлган энг юқори талаби йилнинг 1 февралидан 1 августигача давом этади. Картошкачиликда юқори ҳосил етиштиришнинг асосий омили бу кафолатланган сара уруғ ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳанинг Фарғона водийси вилоятларидан келган мутахассислари иштирок этган пресс-тур давомида Янгиқўрғон туманидаги “Нанай”, “Кўкёр” ва “Бирлашган” агрофирмаларида уруғлик картошка етиштириш лойиҳалари кўргазмали баннер воситасида тақдим қилинди. Журналистлар бевосита тадбиркорларга тегишли бўлган маҳсулотларни сақлаш омборларидаги шароит ва имкониятлар билан яқиндан таништирилди.
Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидан келган масъул мутасаддилар, “Ўзагроинспекция” ходимлари, фермерлар иштирокидаги очиқ мулоқотда Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси лаборатория бошлиғи Улуғбек Ҳасанов уруғчиликнинг асосий вазифалари, функциялари ва сертификатлаштириш йўриқлари ҳақида батафсил тушунчалар берди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва семинар иштирокчиларнинг мавзу юзасидан муҳим саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА