Сарҳисоб ва вазифалар таҳлили
Сирдарёда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Сирдарёда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев бошқарган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётининг етакчи тармоқларини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,6 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,6, қишлоқ хўжалиги 5,6, қурилиш ишлари 9,3, чакана товар айланмаси 13 фоиз ўсди.
2016-2018 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг 2016 йилдаги ижроси доирасида қиймати 298 миллиард сўмликдан зиёд ҳамда 9 миллион долларлик 2 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 21 минг 467 янги иш ўрни яратилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тижорат банкларининг 50 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилди, бунинг самарасида 7 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Хусусан, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини юксалтириш, саноатда доимий иш ўринлари яратиш орқали аҳоли даромадларини оширишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди.