Санто-Домингода “Кураш ҳафталиги” ўтказилди
Океанорти мамлакатларида “Кураш ҳафталиги” доирасида семинарлар, учрашувлар ва мусобақалар ўтказилди.
Миллий ўйинлар мақомидан халқаро спорт тури даражасига кўтарилган курашнинг Америка қитъасида ташкил этилаётган тадбирлари куни кеча Санто-Домингодаги муҳташам Олимпия марказида Панамерика чемпионати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кечган World Series Pro турнири билан ўз поёнига етди.


Мусобақа жараёнларида Доминикан Республикаси Олимпия қўмитаси президенти Хосе Хоакин Пуелло, Халқаро кураш ассоциацияси мутасаддилари, Панамерика кураш иттифоқи раҳбари Хайме Казанова, Ўзбекистон кураш федерацияси мутахассислари иштирок этиб, беллашувларнинг техник-тактик ҳолатини назорат қилиб борди.



Мусобақаларда Шимолий ва Жанубий Америка қитъасининг бир қатор мамлакатларидан спортчилар иштирок этгани, баҳсларни юзлаб спорт ихлосмандлари, журналистлар, жисмоний тарбия ва спорт экспертлари кузатиб боргани миллий қадриятларимизнинг бир бўғини бўлган курашнинг халқаро майдондаги оммалашуви жадал кетаётганини кўрсатди.
Т.Рўзиев, ЎзА