Саноат хавфсизлиги соҳасида 72 мингга яқин камчиликлар аниқланган
Саноат тармоқларини ривожлантириш билан бирга, соҳада меҳнат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Саноат радиацияси ва ядро хавфсизлиги қўмитаси маълумотига кўра, саноат соҳасида белгиланган талабларга риоя қилинмагани оқибатида 2023 йилдан 2026 йилнинг ҳозирги даврига қадар 25 та хавфли авария содир бўлган. 2021-2025 йилларда олиб борилган ўрганишларда 72 мингга яқин камчиликлар аниқланган ва 7 минг 800 та маъмурий жарималар қўлланилган.
Бу каби ҳолатлар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг мураккаблашиб бориши саноат хавфсизлиги талаблари ва ҳуқуқий механизмларини замон талабларига мувофиқ такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Мазкур қонун лойиҳаси билан хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш ҳамда соҳадаги масъул субъектларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда, — деди Саноат радиацияси ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев. — Лойиҳа билан Жиноят кодексига хавфли ишлаб чиқариш объектларида ва потенциал хавфли объектларда саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учун қатъий жазо чораларини белгилашни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, саноат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик, хавфли ишлаб чиқариш объектларида давлат назоратини ташкил этмаслик ҳамда аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш талабларини бажармаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима жазосини қўллаш ва такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.
Саноат хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар экспертиза бўйича била туриб ёлғон хулоса берганлиги учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Саноат хавфсизлиги соҳасидаги авариялар ўта оғир оқибатлар билан тугаганда, ўлимга олиб келганда жиноий жавобгарлик кўзда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа хавфли ишлаб чиқариш объектларида авария ва бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтиришга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, соҳада давлат назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси экологик хавфсизликни таъминлашда ҳам долзарб эканлигини таъкидладилар. Ундаги нормалар юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА