Санкцияга оид янги рўйхатда телеканаллар бор...
Америка ва Европа қурол-яроғи чекланмаган миқдорда Украинага етказиб берилиши мавжуд вазиятни оғирлаштирди, деб баёнот берди Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён.
«Теҳрон урушлар, хусусан, Украинадаги зиддият давом этишига қарши. Биз Ғарб мамлакатлари Киевни қурол-яроқ билан эмин-эркин таъминлаши вазиятни янада мураккаблаштирган, деб ҳисоблаймиз», деди вазир.
“Bloomberg” хабарига кўра, Европа Иттифоқи кейинги ҳафта Украинага қурол етказиб беришни молиялаштирадиган жамғарма маблағини 2 миллиард еврога кўпайтиради.
Жамғармаси бугунги кунда 6 миллиард еврони ташкил этган мазкур фонд аслида фақат Украинага қурол етказиб беришни кўзда тутмайди, балки бошқа мамлакатларга ҳам маблағ ажратади. Бинобарин, айни пайт мавжуд маблағнинг ярми Киев учун захирага олиб қўйилган.
ЕИ Кенгаши Россия томонидан эгаллаб олинган Украина ҳудудлари, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетия фуқароларига берилган рус паспортларини тан олмайди. Кенгаш матбуот хизмати тарқатган хабарда, жумладан, шундай дейилган:
- Россиянинг мазкур хорижий паспортлари ноқонуний, шунинг учун бу ҳужжатлар билан шенген ҳудудига кириш-чиқиш визаси берилмайди.
ЕИ Россия учун тайёрлаётган навбатдаги санкцияда тўрт телеканал: НТВ/НТВ "Мир", "Россия-1", "РЕН ТВ" ва "Биринчи канал" киритилиши режаланмоқда.
ЕИ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур телеканалларнинг лизенцияси тўхтатилади.
АҚШда ҳукм қилинган россиялик Виктор Бут ва Россияда жазо ўтаётган америкалик Бриттни Грайнер алмашинуви Вашингтоннинг Украина масаласидаги муносабатини ўзгартирмайди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.
«Бу Қўшма Штатларнинг украиналикларга кўрсатаётган кўмаги ва Россияга қарши туришдаги ҳаракатига заррача дахл қилмайди. Айни ҳолат
фақат жиноий жавобгарлиги учун ҳукмни ўтаётган АҚШ ва Россия фуқаролари алмаштирилишига тегишли», деб қўшимча қилди Жан-Пьер.
Боливия ташқи ишлар вазири Рохелио Майта айтишича, Украина атрофидаги зиддият Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мулоқот ва музокара учун майдон бўлиб хизмат қилишга нолойиқ эканини кўрсатди.
Боливия ҳукумати октябрь ойида БМТдаги чиқишида Украина можаросини ҳал этишда воситачи бўлиш таклифини киритган эди.
“Жуда катта афсус билан БМТнинг бюрократлашиб, самарасиз ташкилотга айланиб қолганини таъкидлайман”, дея қўшимча қилган вазир.
Аброр ХОН,
ЎзА