Санъаткорлар Ватан посбонлари хизматида
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси-мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсоли” шиори остида маданий тадбир ўтказилди.
Мудофаа вазирлигининг Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округи Термиз гарнизони ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун Сурхондарё вилоят драма театри санъаткорларининг қизиқарли дастури намойиш этилди.

Таниқли актёр ва актрисалар тинч, осуда ҳаётимиз ва обод, фаровон турмушимизни таъминлаётган ҳарбийларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, уларнинг жасоратга тўла хизматларини алоҳида эътироф этди.
“Уйдаги гап кўчада” спектакли намойиш этилди.

Театр режиссёри М.Жумаев саҳналаштирган мазкур спектаклда узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилаётган уяли алоқа воситаларининг жамиятдаги ўрни, шунингдек, ёш авлод онгу-шуурига таъсири ҳақида сўз юритилади. Замонавий алоқа воситасига ружу қўйишнинг салбий оқибатлари ҳамда Лазиз исмли йигитнинг қишлоқда китобхонликни тарғиб қилиши ибратли ва кулгили воқеалар асосида юксак маҳорат билан гавдалантирилган. Уяли алоқа воситаларидан мақсадли фойдаланиш, кўпроқ китоб мутолаа қилиб, илм-фан сирларини чуқур эгаллаш ғояси илгари сурилган.

Тадбир якунида театр санъаткорларининг она Ватан, тинчлик ва муҳаббатни улуғловчи куй-қўшиқлари ҳам томошабинларга бир олам қувонч улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири