Санъат ва маданият таълимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев бошчилигида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида навбатдаги йиғилиш ўтказилди.
Унда, вазирликнинг марказий аппарати вакиллари, институтнинг проректорлари, бўлим бошлиқлари, факультет деканлари ҳамда кафедра мудирлари иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизда санъат ва маданият соҳасини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий маданий меросни асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни самарали амалга ошириш, олий таълим тизимида халқаро стандартларни жорий этиш, илмий салоҳиятни ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, дуал таълим тизимини ривожлантириш ва ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш долзарб вазифалар экани қайд этилди.

Маданият вазирининг тегишли буйруғи билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори вазифасини вақтинча бажариш Ўқув ишлари бўйича проректор Собир Мадиев зиммасига юклатилгани маълум қилинди.

Институтда таълим сифати, ижро интизоми, қабул жараёнлари, илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик ҳамда ёшлар билан ишлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида институт жамоаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаевни янги масъулиятли лавозими билан самимий табриклаб, келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Н.Усмонова, ЎзА