Санъат таълими ва туризм соҳаси парламент назоратида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Мадина Баратова ҳамда Эмма Аслонова Бухоро шаҳридаги қатор санъат таълим муассасалари ва туризм объектларида бўлиб, уларнинг фаолияти, мавжуд шарт-шароитлари ҳамда соҳадаги долзарб муаммоларни ўрганди.
Навбатдаги парламент назорати тадбирлари ҳудудларда таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, аҳолига яратилган имкониятларни баҳолаш ҳамда муаммоларга амалий ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Депутатлар Бухоро шаҳридаги санъат мактабларида ўқувчилар учун яратилган муҳит, мавжуд жиҳозлар, тўгараклар фаолияти ва таълим жараёни билан яқиндан танишди. Педагоглар билан ўтказилган мулоқотларда ўқув жараёни самарадорлиги, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда соҳадаги муаммолар хусусида фикр алмашилди.
Айниқса, ўқувчиларнинг республика ва халқаро миқёсдаги танлов ҳамда фестивалларда эришиб келаётган ютуқлари депутатлар томонидан юқори баҳоланди. Бу эса Бухорода санъат таълими тизимида иқтидорли ёшларни тарбиялаш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётганини кўрсатади.

Ўрганишлар жараёнида Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида янги ўқув биносига эҳтиёж юқори экани маълум бўлди. Шунингдек, миллий чолғу асбоблари — доира, рубоб ва дутор, шу билан бирга европа мусиқа асбобларидан фортепиано етишмаслиги таълим жараёнига маълум даражада таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Хореография йўналишида эса методик адабиётлар танқислиги мутахассислар томонидан асосий муаммолардан бири сифатида тилга олинди.

Шу билан бирга, Бухоро ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернати ҳозир умумтаълим мактаби биносида фаолият юритаётгани, ажратилган хоналарнинг етарли эмаслиги сабабли ўқув машғулотларини тўлиқ ва самарали ташкил этишда қатор қийинчиликлар юзага келаётгани аниқланди.
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, санъат ва маданият соҳасини ривожлантириш, аввало, ёш авлоднинг эстетик диди, миллий қадриятларга ҳурмати ва ижодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўровлари юбориш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янги бинолар ажратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Парламент назорати доирасида депутатлар вилоят марказида жойлашган "Пойкент-Бухоро" меҳмонхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Танишув жараёнида меҳмонхонада маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун барча замонавий қулайликлар яратилгани, хизмат кўрсатиш тизими юқори даражада ташкил этилгани қайд этилди.
Меҳмонхона бир кеча-кундузда 350 нафар меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, бу ерда 50 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган. Шунингдек, 200 ўринли мажлислар зали халқаро анжуманлар, симпозиумлар ва нуфузли тадбирларни ўтказиш учун замонавий талаблар асосида жиҳозланган.
Бу каби ўрганишлар ҳудудларда таълим, маданият, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, парламент назорати орқали аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш ва соҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани диққатга сазовордир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири