Самбочиларимиз Осиё-Океания чемпионатида 28 та медалга сазовор бўлди
Филиппин пойтахти Манила шаҳрида самбо бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё-Океания чемпионатини Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 28 та медаль билан якунлади.
Мусобақанинг сўнгги кунида катталар ўртасида самбо ва жанговар самбо бўйича ўтган беллашувларда ҳамюртларимиз 4 та олтин, 1 та бронза медалларига эга чиқди.
Чемпионатнинг охирги кунида терма жамоамиз аъзоларидан Илҳом Пармонов(-58), Сардор Олимжонов(-64), Севинч Исроилова(-50) ва Мусохон Зиядинов(-79, жанговар самбо) олтин, Дилшодбек Юлдашев(-71) бронза медалларини қўлга киритди.

Осиё-Океания давлатларининг энг сара самбочилари совринли ўринларга даъвогарлик қилган чемпионатда Ўзбекистон катталар терма жамоаси умумий ҳисобда 6 та олтин, 1 та кумуш, ёшлар терма жамоаси 1 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза ҳамда ўсмир самбочиларимиз 4 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза медалларига мушарраф бўлган ҳолда Ўзбекистон спортининг яна бир ёрқин ғалабасини намойиш этди.
Т. Рўзиев, ЎзА