Самарқандликлар шаҳар кунини нишонламоқда
18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни. Қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг байрам тадбирлари бугун эрта тонгдан бошланди.
Дастлаб Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бошчилигида вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, кенг жамоатчилик вакиллари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг, Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Ушбу ёдгорлик 1996 йилда улуғ саркарда таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ўрнатилган ва 18 октябрь куни тантанали равишда очилган эди. Айнан шу куни ушбу сана Самарқанд шаҳри куни деб эълон қилинганди.
Асосий байрам тадбирлари Алишер Навоий номидаги Марказий истироҳат боғи ва шу ном билан аталувчи кўчада давом этди. Бу ерда шаҳардаги олий ўқув юртлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар томонидан байрам дастурлари, кўргазмалар намойиш этилмоқда. Самарқанд мадҳ этилган шеърлардан иборат мушоира, спорт мусобақалари, расмлар танлови ўтказилмоқда.
– Истироҳат боғимизда бугун кун давомида халқ сайли ўтказилади, куннинг биринчи ярмида ва кечқурун “Мўъжиза” амфитеатрида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилади, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Фарҳод Нишонов. – Кечқурун Қорасув массивидаги Янги Ўзбекистон боғида ҳам катта концерт дастури ва мушакбозлик ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, уч авлод учрашуви, Самарқанд давлат университетида шаҳримиз тарихига бағишланган илмий конференция ўтказилмоқда. Айни пайтда Самарқанд дунёнинг ўттиздан ортиқ давлатидаги шаҳарлар билан биродарлашган бўлса, бугун уларнинг қаторига Россия ва Хитойдан яна иккита шаҳар қўшилиши кутилмоқда. Тадбирлар доирасида шаҳарлар раҳбарлари томонидан биродарлашув битимлари имзоланади.
[gallery-19824]
Самарқандда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва арзонлаштирилган савдо-ярмаркалари ҳам сайилга чиққан шаҳар аҳлига манзур бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари