Самарқандлик юртдошларимиз Ҳаж зиёратига йўл олди
Айни кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари муқаддас ислом динининг фарз амалларидан бири бўлган ҳаж ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига йўл олмоқда. Бунинг учун юртимиздан Саудия подшоҳлигига махсус авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятидан бу йилги Ҳаж мавсумида 920 нафардан ортиқ юртдошимизнинг муборак сафарга бориши режалаштирилиб, шу пайтгача улар белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилди, ҳужжатлари расмийлаштирилди.


Бугун эрталаб Самарқанд халқаро аэропортида зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Мадина шаҳрига кузатилди. Уларни кузатиш маросимида бўлажак ҳожиларнинг яқинлари билан бирга вилоят ҳокимлиги, дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги масъуллари иштирок этди.

– Вилоятимиздаги миллионлаб инсонлар орасида сизларга бу йилги Ҳаж зиёратига бориш насиб этгани билан табриклаб, Яратганга ҳамду санолар айтамиз, – деди тадбирда сўзга чиққан Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон Алимов. – Ҳар бир мўмин орзу қиладиган муборак сафар давомида улуғ муҳаддислар, алломалар юртидан эканлигингизни гўзал хулқингиз, чиройли ибодатларингиз билан намоён этишингизга ишонамиз. Бир неча кундан сўнг барчангизни ҳожилик мақомида Самарқандда кутиб олиш ниятида сизларга оқ йўл тилаймиз.


Самарқандлик зиёратчилар бугун ва эртага Самарқанд шаҳридан махсус рейслар орқали Саудия Арабистонига жўнаб кетади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири