Самарқандлик “Адлия аёли” аниқланди
Самарқанд шаҳар Никоҳ уйида "Адлия аёли" республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Илк бор ташкил этилган танловнинг вилоят босқичида олти нафар соҳа ходималари иштирок этиб, белгиланган уч шарт асосида ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.

Нафосат маликалари ҳуқуқий саводхонлиги, қонунчиликни нечоғлик ўзлаштирганлигини тест синови шартида намоён этди. Кейинги шартда улар иш фаолиятида дуч келаётган долзарб масалалар бўйича таклиф ва ташаббусларини ҳимоя қилди. Ниҳоят охирги шартда хотин-қизлар пазандалик маҳоратини кўрсатди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Самарқанд шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази ходими Сарвиноз Ҳайдарова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Шунингдек, иштирокчилар"Энг чаққон иштирокчи", "Энг яхши пазанда" ва "Энг зукко иштирокчи" йўналишлари бўйича эътироф этилиб, уларга бошқарманинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Танловнинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган биринчи ўрин соҳибаси 5 миллион, иккинчи ўрин соҳибаси 3 миллион ва учинчи ўрин соҳибаси 2 миллион сўм пул мукофотларига эга бўлди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА