Самарқанддан янграган ғоялар ёшларнинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида XII Бутунжаҳон Ёш парламентарийлар форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур халқаро анжуманнинг мамлакатимизда ўтказилиши халқаро ҳамжамиятнинг миллий парламентимиз фаолиятидаги ривожланиш ҳамда ёшлар сиёсатига оид ислоҳотларимизга нисбатан ишончи ва эътирофи намунаси. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳаматова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Бугун қадимий Самарқанд XII Бутунжаҳон Ёш парламентарийлари конференциясига мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистонлик ёш парламентарий сифатида ушбу нуфузли анжуманда иштирок этаётганим мен учун катта шараф ва масъулиятдир.
“Нотинч даврларда барча учун инсон ҳуқуқлари, адолат ва қадр-қимматни тиклаш” мавзусидаги конференция дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш парламентарийлар, парламент раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бир майдонда жамлади. Бу Самарқанднинг бугун халқаро мулоқот ва парламент дипломатиясининг муҳим марказига айланаётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригида бугунги геосиёсий беқарорлик шароитида инсон қадр-қиммати, адолат ва тинчликни таъминлаш энг устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди. Мулоқот, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик эса бугунги даврнинг энг муҳим қадрияти сифатида эътироф этилди.
Нутқдаги энг муҳим чақириқлардан бири — ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларининг тўлақонли иштирокчиси сифатида кўриш. Бу ёндашув Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати билан ҳамоҳанг. Сўнгги йилларда Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламенти фаолияти йўлга қўйилди. Қонунчилик палатасида эса Ёшлар масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, ёшларнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу ёшлар ташаббуслари ва овозига тобора кенгроқ имконият берилаётганининг амалий ифодасидир.
Шунингдек, нутқда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни масъулият билан ривожлантириш, иқлим ўзгариши, камбағаллик ва тенгсизлик каби глобал муаммоларни парламентлараро ҳамкорлик орқали ҳал этиш зарурлиги ҳам алоҳида урғуланди.
Ўзбекистонлик ёш парламентарий сифатида ишонаманки, Самарқанддан янграган ғоялар ва ташаббуслар ёшларнинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тинчлик, адолат ва барқарор ривожланишга хизмат қиладиган муҳим қадам бўлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА