“Самарқанддан Петербурггача” креатив-туристик йўлаги лойиҳасини ишга тушириш таклиф этилди
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
–Ҳамкорлигимизнинг гуманитар асоси сифатида туризмни алоҳида кўрсатиб ўтишни истар эдим. Ушбу тармоқ ишонч иқтисодиётини ҳаммадан кўра яхшироқ шакллантиради.
Одамлар Ўзбекистонга келар экан, нафақат тарихий ёдгорлик ва шаҳарларни, балки маданиятни, меҳмондўстлик, ишбилармонлик муҳити ва бизнес учун имкониятларни ҳам кўради. 2025 йилда мамлакатимизда қарийб бир миллион россиялик меҳмон бўлди, бу йил эса биз янада кўпроқ сайёҳни қабул қилишга тайёрмиз.
Бунинг учун нафақат туристик инфратузилмани, балки креатив иқтисодиётни ҳам ривожлантиряпмиз. 2030 йилга бориб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизни ташкил этади. Бу эса ушбу ижодий соҳани иқтисодий ўсишнинг драйверларидан бирига айлантиради, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳамкорликнинг маданий-гуманитар йўналишини мустаҳкамлаш мақсадида “Самарқанддан Петербурггача” креатив-туристик йўлаги лойиҳасини ишга тушириш таклиф этилди. Ушбу ташаббус санъат ва кино фестиваллари, музей кўргазмалари, гастрономия ҳафталиклари ва мусиқий тадбирларни биргаликда ташкил этишни назарда тутади.
Кеча Мариинский театри ва “Эрмитаж” давлат музейида Ўзбекистон маданияти ва санъатига доир лойиҳалар бошланди.
ЎзА