Самарқанддан гапирамиз!
Ўттиз йил давомида радио орқали ҳар куни шу сўзларни айтиб эфирга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқуловни самарқандликлар яхши танийди.
Бу йиллар давомида Самарқандда у бормаган қишлоқ, хўжалик қолмаган, десак муболаға бўлмайди. Вилоят ҳудудларидаги ҳар бир янгилик, воқеа-ҳодиса ёки юзага келган муаммо ва нуқсонлар ҳақида жойидан хабар, репортажлар тайёрлаб, халққа етказишга интилган. Унинг номи, овози, ҳатто фильмларда ҳам ёзиб олинган ва тарихга муҳрланган.
Бугун 90 ёш остонасида турган устоз журналист аслида бу борадаги фаолиятини мактаб давридаёқ бошлаган.
– Ота-онамиздан эрта ажралиб қолганимиз учун яқин қариндошларимиз қўлида тарбияланганмиз, – деб ёшлик йилларини эслайди Облоқул Усмонқулов. – Балки ана шу мураккаб тақдир йўли туфайли болалигимдан қўлимга қалам олиб, кўрган-кечирганларимни ёзиб юрардим, кундалик тутардим ва газеталарга хат-хабарлар юборардим. Пайариқ тумани ташкил этилгач, газета очилиб, 1954 йилда мени шу газетага техник ходим сифатида ишга қабул қилишди. Бу пайтда қишлоқ мактабининг 9-синфида ўқирдим. Уч йил шу ерда ишлагач, мактабни битириб, Ўрта Осиё давлат университетида ўқидим. Кейин Самарқанд вилоятининг бош газетаси – “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида фаолият бошладим. Адабий ходим, адабий котиб, масъул котиб ўринбосари, масъул котиб бўлиб ишладим.
Облоқул Усмонқуловнинг Самарқанд вилоят радиоэшиттириш қўмитасидаги фаолияти 1967 йилдан бошланган ва нафақага чиққунига қадар, 1998 йилгача шу ерда иш олиб борди. Республика радиосининг Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбири, Самарқанддаги мухбирлик пункти мудири – катта муҳаррири бўлиб ишлади.
– 1974 йилда Бектош Раҳимов Самарқанд вилояти раҳбари бўлиб келгач, менга у кишидан қишлоқ хўжалиги бўйича 15 дақиқалик интервью олиш топшириғи берилди, – дейди Облоқул Усмонқулов. – Бектош ака билан ўшанда танишгандим. Бу пайтда у киши икки вилоятни бошқариб бой тажриба тўплаган, жуда билимли раҳбар, маҳоратли нотиқ эди. Интервьюни қисқа фурсатда ёзиб олдик. Кейин бироз суҳбатлашдик, ҳудудлардаги муҳим масалалар, иш жараёним ҳақида сўради. Шу билан бирга Самарқандни янада обод қилиш учун ўзининг режалари ҳақида гапирди. Бектош аканинг оммавий ахборот воситаларига муносабати жуда яхши эди, журналистларни ҳурмат қиларди. Шунинг учун бўлса керак бирга ишлаймиз, менга ёрдам берасизлар, деб ҳокимликдан хона қилиб берди. Қаерга борадиган бўлса, йиғилишлар ўтказадиган бўлса, бизларни ҳам таклиф қилар, тадбирдан сўнг эса фикримизни сўрарди. Радиода Самарқанддан бериладиган ҳар бир эшиттиришни тинглаб борар, газетадаги мақолаларни ўқир ва кейин бу ҳақда бошқа раҳбарлардан ҳам сўрарди. Материалларда кўтарилган муаммолар ҳал этилишини назоратига оларди. Ҳаётим давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари, зиёлиларга бундай муносабатни Шавкат Мирзиёев фаолиятида, у киши вилоятимизга биринчи раҳбар бўлиб ишлаганида ҳам кўрдим. 2003 йилда вилоят телевидениесида “Нуроний” студияси ташкил этилиши ҳам у кишининг ташаббуси бўлганди. Жамғарма вилоят бўлими раиси, раҳматли Ҳасан Нормуродов ёрдами билан ушбу студияда ўн йил давомида 150 дан ортиқ кўрсатув тайёрладик, самарқандлик кекса авлод вакилларининг ҳаёти, тажрибаси ва ёшларга ибратини тарғиб этдик.
Қарийб бир асрлик ҳаёт йўлини босиб ўтаётган Облоқул Усмонқулов шу ёшида ҳам янги ғоя ва ташаббуслар билан шогирдларига, фарзанд ва набираларига намуна бўлмоқда. У ҳозир “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими қошидаги Китобсеварлар кўнгилли жамияти раҳбари сифатида аҳоли ўртасида китоб ва китобхонликни кенг тарғиб этиш борасида иш олиб бормоқда. Эътиборлиси, бу жамиятни халқимизнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова номи билан атаб, Самарқанднинг дилбар қизи номини абадийлаштиришга ҳисса қўшмоқда. Ҳозирда жамиятга элликка яқин нуроний ижодкорлар жалб этилиб, ноширлик фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Кейинги уч йил давомида бу китобсеварлар Облоқул Усмонқулов бошчилигида “Имом Бухорий чироқлари”, “Самарқанд қасидаси” ва “Боқий Самарқанд” китобининг биринчи жилдини нашрга тайёрлашга эришди.
Бундан ташқари, устоз журналист ўзи туғилиб ўсган Пайариқ туманидаги Туркибола маҳалласида мўъжаз боғ ва уй-музейи ташкил этган ва бу ерда тез-тез ижодий учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказилади.
– Бугун юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларга шунчаки томошабин эмас, фаол иштирокчи бўлиш зарур, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Облоқул Усмонқулов. – Қаранг, давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёти учун, халқимизнинг бахти ва фаровон яшаши учун туну кун тиним билмай ишлаяпти. Ватанга садоқатни, элга меҳрни у кишидан ўрганишимиз керак. Айниқса, биз – журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари бу янгиланишлар, ўзгаришлар моҳиятини халқимизга, ёшларга етказишимиз, тушунтиришимиз зарур, деб ўйлайман.
[gallery-30055]
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари