Самарқанддаги байрам ташкилотчилари тақдирланди
Янги йил байрами муносабати билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳудудларни, бино ва иншоотларни байрамга мос безатиш, кўркам арча ўрнатиш бўйича бир неча номинацияда танлов эълон қилганди.
Янги йил байрами оқшомида танлов ғолиблари номи эълон қилиниб, муносиб рағбатлантирилди.
Жумладан, “Энг намунали туман ва шаҳар” номинациясида биринчи ўрин
Пастдарғом туманига берилиб, 60 миллион сўм пул мукофоти, иккинчи ўринга муносиб кўрилган Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳокимликларига 35 миллион сўмдан, учинчи ўринга сазовор бўлган Ургут, Иштихон ва Самарқанд туманлари ҳокимликларига 15 миллиондан сўм пул мукофоти берилди.
Самарқанд шаҳар Кўксарой майдонида ўрнатилган арча “Энг чиройли безатилган арча”, Каттақўрғон шаҳар Амир Темур кўчаси “Энг намунали кўча”, Самарқанд туманида жойлашган “Боқий шаҳар” мажмуаси “Энг чиройли безатилган бино”, Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси “Энг чиройли безатилган ташкилот” номинацияси ғолиби деб эътироф этилиб, масъуллар пул мукофотлари билан тақдирланди.
[gallery-21120]
Шунингдек, байрам ташкилотчиларига Хоразмга бепул саёҳат йўлланмалари тақдим этилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари