Самарқандда Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилади
Вилоят ҳокими Э.Турдимов Туркия Республикасининг Самарқандда ташкил этилаётган Бош консулхонаси раҳбари Салиҳ Жанерни қабул қилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар икки давлат раҳбарлари қатъияти ва ўзаро ишонч, дўстликка асосланган муносабатлари туфайли жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Салиҳ Жанер Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга оид ҳукумат қарори асосида жорий йилнинг 8 март куни Самарқанд шаҳрида Туркия Республикасининг Бош консулхонаси иш бошлашини маълум қилди. Бош консулхона фуқароларга хизмат кўрсатиш билан бирга савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди.
Учрашувда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан фикрлашиб олинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА