Самарқандда ижодкорлар боғи барпо этилди
Самарқанд туманидаги “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ҳудудида ўттиз сотихга яқин майдонда самарқандлик журналистлар томонидан дарахт кўчатлари ўтқазилиб, ижодкорлар боғига асос солинди.
Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари вилоят бўлимлари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари ташаббуси билан ташкил этилган боғда ижодкорлар томонидан ҳудуд иқлимига мос, сувсизликка чидамли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
– Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида кўчат экиш тадбирлари давом этмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров. – Ушбу эзгу ишга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида ташаббус билан чиққандик, Самарқанд тумани ҳокимлиги қўллаб-қувватлаб, Оҳалик тоғ ён бағридан жой ажратиб беришди. Бу ерда шу пайтгача вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва Самарқанд тумани ҳокимлигининг ҳам боғи мавжуд экан, эндиликда вилоятимиз ижодкорлари боғи билан мазкур ҳудуд яна ҳам кенгайди.
Самарқандлик журналист ва блогерлар, ёзувчи ва шоирлар боғда 300 тупдан ортиқ дарахт кўчати ўтқазди.
[gallery-16762]
Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги мавсумда 10 миллион 208 минг туп кўчат экилиши бўйича манзилли дастур шакллантирилган. Бунинг учун 10,56 гектар ер майдонлари ажратилган. Маълумотларга кўра, шу кунга қадар 8 миллион 820 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, электрон платформага киритилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари