Самарқандда Хавфсизлик масалалари бўйича «ШҲТ плюс» экспертлар мулоқоти бўлиб ўтмоқда
2026 йил 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчилар ва мулоқот бўйича шерикларнинг махсус хизматлари раҳбарлари иштирокида Хавфсизлик масалалари бўйича «ШҲТ плюс» биринчи экспертлар мулоқоти ўз ишини бошлади.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мажлис иштирокчиларига йўллаган табрик сўзини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида дунёдаги бугунги вазият геополитик кескинлик, зиддиятларнинг чуқурлашуви ва қуролли можароларнинг авж олиши билан тавсифланаётганини таъкидлади. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш ҳамда давлатларнинг бузғунчи таҳдидларнинг янги шаклларига бардошлилигини ошириш масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Рақамли технологияларнинг ривожланиши тараққиёт учун кенг имкониятлар очиш билан бирга, янги хавф-хатарларни ҳам юзага келтираётгани таъкидланди. Хусусан, кибермакон қарама-қаршиликларнинг асосий майдонига айланиб, бу ерда анъанавий таъсир усуллари билан бир қаторда тармоқ ҳужумлари, жамоат онгини манипуляция қилиш ва ёлғон ёки манипулятив ахборот фаол қўлланилаётгани қайд этилди.
Интернет-платформалар радикал мафкурани тарғиб қилиш, янги тарафдорларни ёллаш, молиявий ресурсларни жалб этиш ҳамда давлат чегараларини тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланиб улгурди.
«Бундай шароитда аҳолининг энг кўп хавф остида қолаётган қатлами ёшлар бўлиб қолмоқда. Деструктив кучлар ёшларнинг онгига мақсадли равишда таъсир кўрсатиб, уларни ўз сафларига тортмоқда, ижтимоий зиддиятлардан фойдаланиб, тоқатсизлик ғояларини тарқатмоқда», — дейилади давлатимиз раҳбарининг мурожаатида.
Ўзбекистон Президенти мулоқот иштирокчиларига мурожаат қилар экан, ШҲТнинг янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб бера олиши ва янада барқарор дунёни шакллантиришда самарали иштирок этиши кўп жиҳатдан махсус хизматларнинг баҳамжиҳат фаолиятига боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади.
ЎзА