Самарқанд вилоят хабарлари – қисқа сатрларда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев Оқдарё, Жомбой ва Булунғур туманларида сайловчилар билан учрашиб, ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни ўрганди, аҳоли мурожаатларини эшитди.
Жумладан, Булунғур тумани Небўса маҳалласидаги “Ташаббусли бюджет” жараёнида қўшимча бино қурилиши учун етарли овоз тўплай олмаган, бироқ депутатлик танлови асосида ғолиб деб топилган 7-мактабда амалга ошириладиган қурилиш ишлари лойиҳаси билан танишилди.

Депутат ўқитувчилар ва маҳалла аҳли билан мазкур лойиҳани сифатли, ўз вақтида амалга оширишда жамоатчилик назорати муҳимлигини қайд этди.
***
Тойлоқ туманининг Адас ва Боғизағон маҳаллаларида янги маҳалла марказлари фойдаланишга топширилди.

“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури асосида бунёд этилган маҳалла биноларида еттиликнинг самарали ишлаши учун қулай шароит яратилган.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъуллари ва туман раҳбарлари маҳалла марказларидаги имкониятлар билан танишди.
***
Вилоят ҳокими ўринбосари Хуршидбек Самиев Хитойнинг “Azureflow Paper” корхонаси вакиллари билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилаётган целлюлозани қайта ишлаш, юқори сифатли қоғоз ва картон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилди.

Муҳокама давомида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ инфратузилма ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда лойиҳалаштириш ҳужжатларини тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
***
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ишчи гуруҳи томонидан ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш департаментига қарашли 7-сон тергов ҳибсхонасининг фаолияти, у ерда сақланаётган аёллар ва вояга етмаганларнинг аҳволи ўрганилди.

Ҳибсхонада сақланаётган 43 нафар аёл ва 13 нафар вояга етмаган шахс билан учрашув ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари тингланди. Шунингдек, муассасада сақланаётганлар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири