Самарқанд шаҳри жаҳон иқтисодий кун тартибини белгилаётган муҳим мулоқот майдонига айланди (+видео)
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида турли мамлакатдан келган вазирлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, молия институтлари раҳбарлари ҳамда экспертлар бир жойга жам бўлди.
Анжуман доирасида минтақавий интеграция, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация ва инвестицияларни жалб қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Тадбирларда қатнашаётган Ҳиндистон Молия вазирлигининг Иқтисодий ишлар департаменти қўшма котиби Жуҳи Мукержи билан суҳбатлашдик. У Самарқанддаги муҳит, анжуманнинг бориши ва Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги ҳақида фикрларини билдирди.
– Самарқанддаги анжуман ва умумий муҳит ҳақида таассуротларингиз қандай?
– Бизни гўзал ва тарихий Самарқанд шаҳрида қабул қилгани учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдираман. Бу ердаги муҳит жуда илиқ ва самимий. Айниқса, Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Самарқанд нафақат тарихий шаҳар, балки бугунги кунда халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказига айланаётганини кўриш жуда қувонарли. Бундай нуфузли анжуманнинг айнан шу ерда ўтказилаётгани рамзий маънога ҳам эга, деб ўйлайман.
Маълумки, Ўзбекистон ва Ҳиндистонни Ипак йўли даврларига бориб тақаладиган чуқур тарихий ва маданий ришталар боғлаб туради. Бу алоқалар асрлар давомида савдо, илм-фан ва маданият орқали мустаҳкамланиб келган.
Шу нуқтаи назардан, Самарқанд каби буюк шаҳарда бўлиш ва унинг бой маданий меросини кўриш мен учун катта шараф. Бу шаҳар ҳақиқатан ҳам ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда.
– ОТБ доирасидаги муҳокамалар ҳақида нималар дейсиз?
– Биз бу ерга Осиё тараққиёт банки анжуманида иштирок этиш учун келдик ва айтиш жоизки, муҳокамалар жуда самарали кечмоқда. Кўтарилаётган масалалар жуда долзарб ва бугунги кунда минтақадаги барча давлатлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Барча сессиялар пухта ўйланган ва юқори даражада ташкил этилган. Улар Осиё-Тинч океани минтақасининг ривожланиш эҳтиёжларини тўлиқ қамраб олган. Айниқса, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, “яшил” иқтисодиёт ва барқарор тараққиёт масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Мен учрашувлар катта муваффақият билан ўтишига тўлиқ ишонаман. Ҳақиқатдан ҳам, барча жараёнлар жуда пухта ва профессионал даражада ташкил этилган.
Биз ўзимизни жуда қулай ҳис қиляпмиз. Тайёргарлик ишларига катта эътибор қаратилгани ҳар бир жиҳатда сезилиб турибди — логистикадан тортиб тадбирларнинг мазмунигача.
Барча иштирокчилар жуда мамнун. Шу билан бирга, улар нафақат анжуманда қатнашмоқда, балки Ўзбекистонни, унинг маданияти ва имкониятларини ҳам кашф этмоқда. Бу эса мамлакатингизнинг халқаро имижини янада мустаҳкамлайди.
– Ўзбекистон Президентининг нутқи ҳақида қандай фикрдасиз?
– Анжуманнинг очилиш маросимидаги Президент нутқи менда катта таассурот қолдирди. Унда илгари сурилган ғоялар, айниқса минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро боғлиқликни ошириш ва барқарор ривожланишга эришишга қаратилган ташаббуслар жуда муҳим.
Бу нутқ нафақат Ўзбекистоннинг келажакка қарашини, балки бутун минтақанинг тараққиёти учун таклиф этилаётган ёндашувларни ҳам акс эттирди. Мен шахсан ушбу фикрлардан илҳом олдим.
Умуман олганда, Самарқанддаги ушбу анжуман менда жуда ижобий таассурот қолдирди. Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш борасида катта салоҳиятга эга эканини намоён этмоқда.
Бундай тадбирлар мамлакатингизнинг глобал майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлайди ва янги ҳамкорлик имкониятларини очиб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ku-NoBvWMMg" title="Samarqand shahri jahon iqtisodiy kun tartibini belgilayotgan muhim muloqot maydoniga aylandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Мусулмон Зиё, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА