Самарқанд платформасида илгари суриладиган муҳим таклиф ва ташаббуслар келгусида катта амалий натижаларга айланади
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59-йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.
–Юқорида айтиб ўтилган барча таклиф ва ташаббусларни биз Осиё тараққиёт банки билан фақат суверен кредитлар доирасида эмас, балки давлат-хусусий шериклик, кафолат инструментлари, аралаш молиялаштириш ва хусусий капитални жалб этиш орқали фаол ҳамкорликда амалга оширишга тайёрмиз.
Шу муносабат билан минтақавий лойиҳалар учун Инновацион молиялаштириш платформасини шакллантиришни таклиф этамиз, – деди Президентимиз.
Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган кескин ўзгаришлар Осиё тараққиёт банкининг кенг минтақамиз ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашдаги муҳим ўрнини янада ошираётгани таъкидланди.
Ўзбекистон банк президенти, халқаро молия ва иқтисодий муносабатлар соҳасида катта билим ва тажрибага эга бўлган Масато Канданинг олиб бораётган самарали ислоҳотларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши билдирилди.
Бугунги анжуманда дунёнинг 100 дан ортиқ давлати, халқаро молия ташкилотлари, етакчи банклар ва компанияларнинг нуфузли экспертларидан иборат 4 мингдан зиёд вакиллар қатнашмоқда.
–Самарқанд платформасида илгари суриладиган муҳим таклиф ва ташаббуслар келгусида катта амалий натижаларга, ҳар бир келишув эса аниқ ва фойдали лойиҳаларга айланишига ишонаман, – деди Президентимиз ва иштирокчиларга муваффақиятлар тилади.
ЎзА