Самарқанд Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти бўлади
Самарқандда 30 май – 6 июнь кунлари йилнинг экология соҳасидаги энг муҳим халқаро тадбирларидан бири Глобал экологик жамғарманинг (GEF) VIII Ассамблеяси ва унинг доирасида “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирларда 180 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва соҳа масъуллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, бизнес, илмий жамоатчилик, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда. Ассамблея доирасида юқори даражадаги ялпи мажлислар, вазирлар учрашувлари, мавзули давра суҳбатлари, фуқаролик жамияти форумлари, лойиҳалар тақдимотлари, кўргазмалар ўтказилмоқда.
4 июнь куни “Silk Road Samarkand” мажмуаси Конгресс марказида Глобал экологик жамғарманинг (GEF) VIII Ассамблеяси очилиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ассамблея иштирокчиларига табригини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари ўз табригида бугунги кунда инсоният мисли кўрилмаган инқирозлар – иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бориши, атроф-муҳит ифлосланиши каби таҳдидларга дуч келаётганини қайд этиб, бу каби муаммоларни ҳал этишда Глобал экологик жамғарма алоҳида ўрин эгаллаб келаётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга мамлакатимизда экологик трансформация янги тараққиёт модели сифатида кўрилаётгани ва тизимли лойиҳа бошқарувига ўтиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, биохилма-хиллик, чиқиндиларни бошқариш, кўкаламзорлаштириш, экологик таълим ва маданиятни қамраб олган бешта миллий лойиҳа амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилган.
Табрикда Президентимиз томонидан бир қатор ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Жумладан, Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилиш таклиф этилди. Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети қошида Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилаётгани маълум қилинди. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий маркази ташкил этилаётгани билдирилди. Чўлланишга қарши кураш институти негизида Оролбўйида чўлланиш оқибатларини юмшатиш, “яшил” қалқонлар барпо этиш ва иқлим мослашувига қаратилган “чўл иқтисодиёти” ташаббуси илгари сурилиб, уни глобал экологик жамғарманинг устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг ҳолда халқаро молиявий ҳамда техник кўмак асосида амалга оширишни таклиф этилди.
Бундан ташқари, 2027 йилги Тошкент инвестиция форуми “Барқарор ривожланиш ва яшил инвестициялар” мавзусида ўтказилиши ва унинг доирасида “Eco Expo Central Asia” халқаро кўргазмаси ташкил этилиши ташаббуси илгари сурилди.
Эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари табригида Ўзбекистон Глобал экологик жамғарма донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёрлиги маълум қилинди.
Маросимда БМТ Бош котиби ўринбосари – атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен, БМТнинг Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенциялари ижрочи котиби Рольф Пайет, Глобал экологик жамғарма бош директори ҳамда стратегия ва операциялар бўйича директори Клод Гаскон сўзга чиқиб, Глобал экологик жамғарманинг VIII Ассамблеяси юксак савияда ташкил этилгани учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорлик билдирди ҳамда глобал экологик муаммоларни ҳал этишда мазкур халқаро форумнинг аҳамиятига тўхталди.
– Бундан 35 йил аввал, 1991 йилда ташкил этилган Глобал экологик жамғарма (ГEФ) маълум бир ҳудуд ва давлатларга эмас, балки бутун дунё атроф-муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олиш ва глобал экологик таҳдидларга қарши курашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди, – деди БМТ Бош котиби ўринбосари – атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен. – Ва бугун ушбу ташкилот дунё давлатларини ўз атрофида бирлаштириб, бу мақсадлар йўлида иш олиб бормоқда, экологик муаммоларга самарали ечимларини таклиф этмоқда. Бу ечимлар аъзо давлатларга атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, ифлосланишга қарши курашиш ва экологик барқарорликни таъминлашда миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон 1995 йилда GEFга қўшилганидан буён турли миллий ва минтақавий грантлар орқали муҳим натижаларга эришиб келмоқда. Бу грантлар ноёб ландшафтларни асраш, озон қатламига зарар етказувчи моддаларни босқичма-босқич камайтириш, кам углеродли транспорт тизимларини ривожлантириш учун тезкор автобус йўлакларини жорий этиш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш салоҳиятини оширишга хизмат қилди. Жумладан, Марказий Осиё трансчегаравий биохилма-хиллик лойиҳаси ва Орол денгизи ҳавзаси дастурлари орқали давлатлараро экологик бошқарув ва иқлим барқарорлиги мустаҳкамланди. Мамлакатимиз GEF кўмагида озиқ-овқат тизимлари, ер ресурслари ва экотизимларни тиклаш дастурларида иштирок этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Глобал экологик жамғарманинг VIII Ассамблеяси глобал экологик мақсадларга эришиш бўйича тезлаштирилган йўл харитасини белгилайди. Самарқанддаги форум дастури доирасида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бардошлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш каби масалалар муҳокама қилинмоқда. Жамғарманинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги молиявий дастурига (GEF-9) алоҳида эътибор қаратилиб, табиат, иқлим ва ифлосланишга қарши кураш масалаларини бирлаштирувчи комплекс ёндашув ишлаб чиқилади.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири