Самарқанд марафонига саноқли кунлар қолди
Самарқанд шаҳрида шу йилнинг 7-8 ноябрь кунлари “Samarkand Marathon Series 2026” марафони бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF) томонидан туризм қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур тадбир спорт, маданият ва хайрияни ўзида мужассам этган йирик халқаро оммавий югуриш мусобақасидир.
Марафон илк бор 2019 йилда “Samarkand Half Marathon” (ярим марафон) сифатида ўтказилган бўлса, кейинчалик масофалар кенгайтирилиб, тўлиқ марафон (42,195 км) даражасига етказилди ва анъанавий тарзда ҳар йили ноябрь ойининг бошида ўтказиб келинмоқда.

Марафондан йиғилган барча маблағлар ҳар йили муайян бир ижтимоий ва хайрия лойиҳасига йўналтирилади. Масалан, дастлабки йилларда маблағлар маданият масканларида кўзи ожизлар учун инклюзив муҳит яратишга сарфланган бўлса, бу йилги марафон маблағлари мамлакатимиз ҳудудларида болалар спорт майдончалари ташкил этишга йўналтирилиши белгиланган.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, марафон орқали имконияти чекланган шахсларнинг маданий ва спорт объектларидан эркин фойдаланиши, инклюзив муҳитни шакллантириш масаласига жамоатчилик эътиборини қаратиш кўзда тутилган. Шу мақсадда ҳар йили имконияти чекланган спортчилар учун алоҳида масофалар ташкил этилади.
Шунингдек, аҳоли ўртасида югуришни оммалаштириш, Самарқандни Марказий Осиёнинг етакчи марафон марказларидан бирига айлантириш, хорижлик югурувчиларни жалб этиш орқали спорт туризмини ривожлантириш ҳам марафоннинг асосий мақсадларидан ҳисобланади.
Мусобақа трассаси халқаро World Athletics ва AIMS стандартлари бўйича сертификатланган бўлиб, иштирокчилар учун дунёдаги энг нуфузли World Marathon Majors сериясига саралаш босқичи вазифасини ҳам ўтайди.
Бу йилги дастурдан 2 километр, 5 километр, 10 километр, 21,1 километр ва 42,2 километр масофаларга югуриш, болалар ва инклюзив стартлар, шунингдек, экологик тадбирлар ўрин олган.
Ўтган йилги марафонда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 8 минг нафардан зиёд спортчи қатнашган эди. Бу йил 60 дан кўпроқ мамлакатдан югурувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири