Самарқанд Гифу билан ҳамкорлик қилади
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Япониянинг Гифу префектураси губернатори Фурута Хажиме бошчилигидаги делегация бугун Самарқандга ташриф буюрди.
Дастлаб вилоят ҳокимлиги Самарқанд вилояти ва Гифу префектураси раҳбарларининг учрашуви ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов япониялик меҳмонларни ташриф билан қутлаб, кун чиқар юрт билан дўстона алоқалар алоқалари мавжудлигини таъкидлади ва минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишонч билдирди.
Мулоқот чоғида Самарқанд ва Гифуда бизнес форумлар ташкил этиш ва бу орқали тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлаши учун қулай муҳит яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, таълим, туризм, ахборот технологиялари соҳаларида фаол ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, Гифу томонидан Самарқанд шаҳрига “смарт шаҳар” лойиҳасини тақдим этиш, тўғридан-тўғри авиа қатновларни йўлга қўйиш, биргаликда маданият кунлари ўтказиш таклиф этилди.
Э.Турдимов Гифу префектураси санъат соҳаси вакилларини яқинда Самарқандда ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига таклиф қилди.
Учрашув сўнгида Самарқанд вилояти ва Гуфу префектураси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан “Истаклар баёни” меморандуми имзоланди.
Япония делегацияси Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси ва шаҳардаги бошқа тарихий обидаларни томоша қилиб, халқимиз тарихи ва маданияти билан яқиндан танишди.
[gallery-18350]
– Ташриф олдидан қизиқиб кўрдим – Самарқанд ва бизнинг Гифу префектурамиз иқтисодиёти, табиий иқлим шароити ва одамлар турмуш тарзи ўртасида ўхшаш томонлар жуда кўп, – дейди Фурута Хажиме. – Шунинг учун ҳамкорлигимиз самарали бўлишига ишонаман. Бугун бунга яна бир бор гувоҳ бўлдим. Хусусан, таълим, туризм соҳаларида яқин алоқаларни йўлга қўйиш ниятидамиз. Бу борада Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ўзаро англашув меморандуми имзолаш кўзда тутилган.
Гифу префектураси делегацияси Самарқанд давлат тиббиёт университетида ҳам бўлиб, мазкур муассаса фаолияти билан яқиндан танишди ва ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари