“Samarkand Marathon” халқаро даражада эътироф этилди
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган “Samarkand Marathon” халқаро хайрия югуриш мусобақаси Бутунжаҳон атлетика федерациясининг “Elite Label” мукофотига сазовор бўлди ва “World Athletics Elite Label” мақомини олди.
Ушбу мақом 2019 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган марафонни бир неча йўналишларда ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар эшигини очади.
Жумладан, профессионал спортчиларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиради, профессионал югурувчилар, спортчилар менежерлари ва халқаро спорт агентликлари учун мусобақанинг жозибадорлигини оширади.
Шу йилнинг 7-8 ноябрь кунлари ўтказиладиган бу йилги мусобақада турли мамлакатлардан ташриф буюрган профессионал спортчилар 42,2 километр масофа стартида саф тортишади. Уларнинг юқори натижалари Бутунжаҳон атлетика федерацияси рейтинглари билан тасдиқланади. Иштирокчилар орасида миллий ва халқаро юлдузлар, Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва йирик халқаро марафонлар иштирокчилари бор.
8 ноябрь куни марафонга тўрт карра Олимпия чемпиони, 6 марта жаҳон, 9 марта Европа чемпиони бўлган, дунё югуриш афсонаси британиялик сер Мо Фара старт беради.

– “World Athletics”дан “Elite” ёрлиғини олиш “Samarkand Marathon”ни ривожлантиришдаги муҳим босқич ва бир неча йиллик тизимли меҳнатимиз маҳсулидир, – дейди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси марафонларни ташкил этиш бўлими бошлиғи ва “Samarkand Marathon” туркуми раҳбари Мирхан Сагитов. – Биз халқаро енгил атлетика федерацияси талабларига жавоб бериш учун мусобақаларнинг спорт даражасини изчил ошириб бормоқдамиз, инфратузилма, тиббий ва аксилдопинг таъминотини ривожлантирмоқдамиз. Жаҳон енгил атлетикаси юлдузи сер Мо Фарани Самарқандда олқишлаш биз учун катта шараф. Унинг ташрифи бизнинг тадбиримизнинг нуфузини янада оширади. Биз “Samarkand Marathon”ни дунёнинг энг кучли спортчиларини жалб қиладиган ва Ўзбекистоннинг халқаро югуриш майдонидаги мавқеини мустаҳкамлайдиган тадбирга айлантиришга интиламиз. “Elite Label”ни қўлга киритиш бу мақсадга эришиш йўлидаги муҳим қадамдир.
“Samarkand Marathon” айни пайтда МДҲ мамлакатларида бундай даражадаги ягона югуриш мусобақаси ҳисобланади. Бу йил мусобақада иштирок этиш учун 63 та давлатдан 1,5 мингдан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтган.
Марафон старти ва марра Регистон майдони этиб белгиланган. Югуриш йўлаги Самарқанднинг тарихий маркази бўйлаб ўтади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири