Самарадорликка йўналтирилган мулоқот
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида судьялар ҳамда прокуратура ходимларининг билим ва малакасини ошириш, касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-семинарлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади тергов сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, тергов ҳамда суд жараёнларида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш, шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига атрофлича етказиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида ўтказилган навбатдаги семинар жиноят ишлари бўйича судларда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар юзасидан шаклланган суд амалиёти ва ишларни кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларга бағишланди.
Семинарда жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг тергов судьяси Д.Сражатдинов ҳамда Мўйноқ тумани судининг тергов судьяси Б.Досимбетов амалиётда учраётган айрим муаммоли ҳолатлар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган 592-модда(оилавий, яъни маиший зўравонлик), 60-модда (табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш), 61-модда (оз миқдорда талон-торож қилиш), 131-модда (транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш)ларига оид ишлар бўйича шаклланган суд амалиёти таҳлил қилинди. Аниқ мисоллар асосида ҳуқуқий ёндашувлар кўриб чиқилиб, ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари муҳокама этилди.
Тадбир якунида бундай ўқув-семинарлар қонун устуворлигини таъминлаш, одил судлов сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.