Самарқандлик болалар учун байрамга муносиб совға
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Самарқанд туманида бир кунда учта нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилиб, улар умумий сони 11 тага етди.
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Самарқанд туманида бир кунда учта нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилиб, улар умумий сони 11 тага етди.
Туманнинг Гулбоғ маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида “Камелот плюс” оилавий корхонаси томонидан ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 180 ўринга мўлжалланган. Мазкур муассасада маҳалладаги 25 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари имтиёзли равишда тарбияланади.
– Боғча қурилиши учун 2,3 миллиард сўм имтиёзли кредит олдик, – дейди “Камелот плюс” оилавий корхонаси раҳбари Зафар Зайниддинов. – Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард сўмдан ошди. Болажонларимизнинг замон талабларига мос тарзда таълим-тарбия олишига етарли шароит яратишга ҳаракат қилдик. Таълим ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Эътиборлиси, биз лойиҳамизни давом эттириб, шу ернинг ўзида 150 ўринли бошланғич таълимга ихтисослашган нодавлат мактаб ташкил этишни режалаштирганмиз. Айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Шу маҳалладаги “Парвоз” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 120 нафар бола тарбияланади. Бу ерда ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг 25 нафар фарзанди қамраб олинади. Чунки ушбу муассаса ҳам давлат шериклиги асосида ташкил этилди.
– Корхонамиз болаларни ақлий ривожлантиришга мўлжалланган ўйин ўқув қуроллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “Қўрғони калон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маматқул Шарипов. – Шу боис, корхонамиз қошида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил қилдик. Бу корхона янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Муассасада 5 та гуруҳ ташкил қилинади. Таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Муассасада 25 та иш ўрни яратилади.
Туманнинг Янгижой маҳалласидаги 50 ўринли “Билимдон академияси” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тадбиркор Шерзод Нарзиев томонидан ташкил этилди. Ҳудуддаги бўш турган бинода тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан 3,5 миллиард сўмлик қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий таълим муассасаси ташкил этилди.




