Самарқандда мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқарилади
Ҳужжатда қайд этилганидек, мазкур лойиҳа “Самарқандкимё” АЖ негизида рўёбга чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда қайд этилганидек, мазкур лойиҳа “Самарқандкимё” АЖ негизида рўёбга чиқарилади. Бунинг учун 200 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Бу ҳақда хорижий сармоядор — “Ferkencsco Management Limited” (Кипр) компанияси билан “Ўзкимёсаноат” АЖ ўртасида ўзаро келишувга эришилган.
Янги мажмуа 2023 йилнинг 1 июлига қадар ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса маҳаллий аҳоли вакилларидан камида 500 кишини иш билан таъминлаш имкониятини юзага келтиради. Натижада бу ерда йилига 600 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шундан 300 минг тоннасини мураккаб минерал ўғитлар ташкил этиши белгиланган.