Самарқандда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар 37 минг нафарга кўпайди
Пандемия туфайли вилоятда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар йил бошидан буён 37 мингтага ошиб, қарийб 111 минг нафарга етди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев иштирокида ўтказилган онлайн-брифингда қайд этилишича, жорий йилнинг 1 июль ҳолатида вилоятда 2 ёшгача нафақа олувчи оналар 48520 нафарни, 14 ёшгача нафақа олувчи оилалар 50272 тани ташкил этмоқда.
Пандемия туфайли вилоятда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчилар йил бошидан буён 37 мингтага ошиб, қарийб 111 минг нафарга етди. Уларга маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали 198,9 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари билан боғлиқ харажатлар учун инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятга ҳозиргача 38,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағнинг 9,7 миллиард сўми карантиндаги фуқароларни сақлаш харажатлари, озиқ-овқат, гигиена воситалари, дори-дармон ва махсус ҳимоя кийимлари ҳамда юмшоқ жиҳозлар харид қилишга йўналтирилган.10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эса карантин тадбирларига жалб этилган 2392 нафар тиббиёт ва бошқа ходимларнинг ойлик маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун сарфланди.
Ўз навбатида пандемия сабабли вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 14 миллиард 427 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу маблағнинг 3,6 миллиард сўми дори-дармон захирасини яратишга, 8,6 миллиард сўми тез ёрдам хизмати учун 108 та «Дамас» автомашинаси сотиб олишга, шунингдек, 1 миллиард сўми замонавий рентген аппаратлари олиш учун сарфлангани маълум қилинди.